Сариқ касаллиги

Сариқ касаллиги – жигарда ҳосил бўладиган билирубин – ўт пигментининг (қ. Ўт) тўқималарда тўпланиши туфайли тери, кўз оки ва шиллиқ пардаларининг сариқ тусга кириши. Сариқ касаллиги қонда билирубин миқдорининг ошиб кетиши натижасида пайдо бўлади. Келиб чиқиш сабаблари ва ҳосил бўлиш механизмига кўра, сариқ касаллиги жигарда пайдо бўлувчи, механик ва гемолитик хилларга бўлинади. Жигар (паренхимага оид) сариқ касаллиги жигар ҳужайраларининг инфекцион ёки токсик заҳарланиши натижасида пайдо бўлиб, жигарда турли хил ўзгаришлар келтириб чиқаради, билирубинни ичакка ўтказади: ахлат ранги оқариб, сийдик тўклашади. Жигар сариқ касаллиги аксарият ўткир гепатит касаллиги (қ. Вирусли гепатит) туфайли, шунингдек, жигар ҳужайраларининг алкоголь таъсирида заҳарланиши оқибатида келиб чиқади. Механик сариқ касаллиги ўт (сафро)нинг ўт йўлларидан ўта олмаслиги, масалан, ўт пуфагида тошлар пайдо бўлиши натижасида ўтдинг ичакка ўта олмаслиги ва шу туфайли ўт йўлларида тўхталиб қолган сафродаги билирубин тўгридан-тўгри қонга ўтиб кетиши сабабли келиб чиқади.

Одатда, аввал кўз оқи, кейин юмшоқ танглайнинг шиллиқ пардаси, тил ости, тери сағаяди. Сариқликнинг кучли-кучсизлиги қондаги билирубин миқдорининг кўп-озлигига боғлиқ. Сариқ касаллигида, кўпинча, тери қичишади, чунки ўт кислота теридаги периферик нерв охирларини кўзғатади.

Сариқ касаллиги пайдо бўлганида дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим.

2-3 кунлик чақалоқларда, кўпинча, жигар фаолиятидаги вақтинчалик етишмовчилик натижасида бадан сарғайиши – физиологик сариқлик кузатилади. Бу ҳолат махсус давони талаб қилмайди ва 1-2 ҳафтада ўтиб кетади. Баъзан она билан боланинг қони бир-бирига мос келмаса, яъни она қони резус-манфий бўлиб, ҳомиланики эса резус-мусбат бўлса, у ҳолда она билан ҳомила ўртасида «резус-ракобат» юзага келиши натижасида С. к. чақалоқлардаги гемолитик касалликлар билан бирга давом этади (қ. Чақалоқларнинг гемолитик касаллиги). Сариқ касаллиги гоҳида ҳомиладорлик истискосида ҳам юз беради (қ. Ҳомиладорлик токсикозлари).

[addtoany]