Ванналар – гигиена ва даволаш-профилактика мақсадида қўлланиладиган муолажалар. Сув (қ. Сув билан даволаш), балчиқ (қ. Балчиқ билан даволаш), қум (қ. Қум ванналари), ҳаво (қ. Ҳаво ва қуёш ванналари) ванналари бўлади. Кўпроқ умумий ванналар қўлланилади. Оддий сув ваннасида баданни сувга кўмиб ётилади. Сув ҳароратига қараб совуқ (22° гача), илик (33-36°), иссиқ (37-39°), қайноқ турлари мавжуд; таркибига кўра чучук сувли, табиий минерал сувли ванналар, табиий ва сунъий йўл билан тайёрланган газли (карбонат ангидридли, кислородни, азотли), минералли (карбонат ангидридли, водород сульфидли, радонли, йод-бромли, яна қ. Бальнеотерапия), дорили (масалан, ханталли, крахмалли ва ҳ. к.), шунингдек, хушбўй (игнабаргли дарахт экстрати солинган) ванналардан фойдаланилади. Муолажа вақтига кўра қисқа муддат (1-5 мин.), одатдаги (10-15 мин.) ва узоқ муддатли (30 мин.-1 соат) бўлади. Ванна қабул қилинганда нерв тизими анлизаторларининг теридаги периферик рецеторларига ҳарорат механик ва кимёвий омиллар таъсир кўрсатади. Бу муолажа одатда, массаж, электр билан даволаш ва бошқа даво муолажалари билан бирга қўлланилади. Гигиеник ванналарни уй шароитида ҳам қилиш мумкин. У терининг физиологик фаолиятини кучайтиради, жумладан, тер ва ёғ безларининг ишини, терининг нафас олишини, моддалар алмашинувини яхшилайди. Гигиеник ванналар ҳафтада 1-2 марта 20-30 мин. дан қабул қилинади. Даво ванналари, одатда, мустақил даво усули бўлмай, балки беморни умумий даволаш тизимига киради. Даво муолажалари оддий ванналар каби қабул қилинади. Сувга бутун бадан кўмилиб туради, бош, бўйин, юрак соҳаси очиқ қолади. Маҳаллий ванналар, кўпинча, қўл ёки оёққа буюрилади, уни ўтириб қабул қилинади. Даво ванналар ининг муддати сувнинг таркибига қараб белгиланади. Муолажанинг асосий таъсир этувчи омиллари нисбатини ўзгартириб, ҳар хил миқдордаги сувдан фойдаланиб (умумий, маҳаллий) ҳарорати ва муддатини турлича олиб, организмга қўзғатувчи ва тонусни оширувчи ёки тинчлантирувчи таъсир кўрсатиш, моддалар алмашинувини кучайтириш ёки сусайтириш мумкин. Совуқ ва салқин сувли ванналар организм тонусини ошириб, юрак-томир ҳамда нерв тизимини кўзғатади, моддалар алмашинувини кучайтиради. Илиқ сувли ванналар оғриқни камайтиради, мушакларни бўшаштиради, асабий тинчлантириб, уйқучи яхшилайди. Иссиқ сувли ванналар тер чиқиши ва моддалар алмашинувини кучайтиради. Дорили В. ни, кўпинча, уй шароитида ҳам қўллаш мумкин. Ўтириб қабул қилинадиган В. ни қабул қилишда шунга мўлжалланган махсус ваннадан ёки уй шароитида чуқур тоғорадан фойдаланилади.
Ванналарни мутахассис шифокор тавсиясига кўра қабул қилиш лозим, акс ҳолда, даво кўнгилдгидек натижа бермаслиги мумкин. Болаларга даво В. си буюрилганида болалар организмининг анатомик-физиологик хусусиятлари, шунингдек, уларнинг ҳали бир қатор аъзо ва тизимлари функционал етилмагани, иссиққа таъсирчанликнинг мукаммаллашмаганини назарда тутиш лозим. Болалар бадани иссик-совуқни жуда тез сезади, шунинг учун В. га туширишда алоҳида эътибор талаб этилади. Даво муолажаси қабул қилинадиган куни толиқмаслик, ваннадан кейин ётиб дам олиш тавсия этилади. Ванналарни кун оралатиб ёки шифокор тавсия этган кунлардагина олиш керак. Умумий даво муолажасини наҳорга ва овқатдан кейин бироз вақт ўтмасдан қабул қилиш ярамайди, совуқ пайтларда ванна қабул қилингандан кейин шамоллаб колмаслик учун қалинроқ кийиниб олиш лозим.
[addtoany]