Веналарнинг варикоз кенгайиши

Веналарнинг варикоз кенгайиши [лот. varix – веналарнинг кенгайиши] – веналарнинг кенгайиб чўзилиши ва тугун-тугун бўлиб қолиши. Асосан, юза жойлашган веналар: оёқ, тўғри ичак (қ. Бавосир), уруғ тизимчаси (қ. Варикоцеле) ва қизилўнгачнинг шиллиқ қавати остидаги веналар кенгаяди. Вена деворининг туғма заифлиги, мўртлашуви, копкоқлари (клапанлари)нинг етишмовчилиги томирларда қон оқиши маромини издан чиқариб, улар ичидаги босимнинг ошишига олиб келади. Оғир жисмоний иш қилиш, тик оёқда ишлаш (касбга алоқадор), чаноқ веналарини ҳомилали бачадон эзиб қўйиши ва бошқа(лар) касалликлар натижасида қон оқишининг қийинлашуви сабаб бўлади. Кенгайган веналар тери остидан тугун-тугун (варикоз тугунлар) бўлиб, бўртиб кўриниб туради.

Касаллик аста-секин пайдо бўлади. Кенгайган веналар оёқда бўлса, бемор тик турганда яққол кўзга ташланади. Бекалари кенгайган жой терисининг қон билан таъминланиши бузилиши оқибатида шу соҳа териси юпқалашиб, ранги ўзгаради, салга жароҳатланадиган бўлиб қолади, кейинчалик шу жойда трофик яра ҳосил бўлиши мумкин. Оёқ оғрийди, бемор тез чарчаган, оғриқ, айниқса, узоқ туриб қолганда ёки кечга бориб зўраяди, оёқ шишиб, юриш қийинлашади. Веналар жуда кенгайиб, уларда қон оқиши кичиклашиши, турли яллиғланишлар ва тромблар (қ. Тромбофлебит) пайдо бўлиши мумкин.

Давоси, одатда, касалликнинг кечишига боғлиқ; енгилроқ хилида эластик бинт боғлаш, махсус пайпоқ кийиш, бадан тарбия, даво физкультураси, енгил гимнастика, шунингдек, физиотерапевтик муолажалар, дори-дармонлар буюрилади. Касаллик зўрайиб кетганда жарроҳлик усули қўлланилади. Олдини олиш учун енгил бадан тарбия машқларини бажариш, ишдан кейин озроқ масофага секин пиёда юриб бориш, организмни чиниқтириш (чўмилиш, куёшда тобланиш ва бошқа(лар)), витаминлар қабул қилиш лозим.

[addtoany]