Хотин-қизлар касалликлари, аёллар касалликлари, гинекологик касалликлар – Хотин-қизлар организмининг анатомик ва физиологик хусусиятларига боғлик касалликлар бўлиб, гинекология фани ўрганади. Бу касалликлар жинсий тизимга тегишли бўлса-да, у бутун организмга таъсир қилади. Барча аъзо ва тизимлар бир-бири билан узвий боғлиқлиги туфайли Х.-қ. к. га бутун организмнинг касаллиги деб караш лозим; гинекологик касалликлар, ўз навбатида, бошқа аъзо ва тизимлар касалликлари оқибатида ҳам юзага келиши мумкин. Бунда турли специфик ва носпецифик инфекциялар, болаликда бошдан ўтказган касалликлар, эндокрин хасталиклар, моддалар алмашинувининг бузилиши, ҳаётий муҳим аъзолар патологияси асосий аҳамиятга эга. Х.-к. к. бир неча гуруҳларга бўлинади: яллиғланиш касалликлари, ҳайз фаолиятининг бузилиши, ўсма касалликлари, жинсий аъзолар ривожланиши ҳамда жойлашуви аномалияси ва бошқа(лар) Хотин-қизларда кўпроқ яллиғланиш касалликлари кузатилади. Бу кўп жиҳатдан репродуктив тизимнинг фаолияти билан боғлик бўлиб, ҳайз, аборт ва, айниқса, туғруқ жараёнида аёл организмида инфекция ривожланиши учун қулай шароит вужудга келади. Бундан ташқари специфик инфекциялар, жинсий йўл билан юқадиган касалликлар – захм, сўзак, трхомонада (қ. Трихомоноз), сўнгги йилларда ОИТС, хламидиялар ва вируслар Х.-қ. к. нинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Кўп ҳолларда Х.-к. к. ни стафилококк, стрептококк, замбуруғлар ва бошқа(лар) кўзғатади. Оғир кечувчи Септик ҳолатларда, асосан, 2 ва ундан ортиқ турдаги Микроорганизмлар касаллик қўзғатувчи сифатида иштирок этади. Жинсий аъзоларнинг яллиғланиши касалликларига бошқа аъзолардаги яллиғланиш жараёнлари ангина, синуситлар, буйрак касалликлари ва ҳ. к. ҳам сабаб бўлиши мумкин. Яллиғланиш қайси аъзода ривожланишига кўра кольпит (қинда), эндометрит (бачадонда), сальпингит (бачадон найида), офорит (тухумдонда) ва бошқа(лар) фарқ қилинади. Бу касалликларда тана ҳароратининг кўтарилиши, интоксикация, бош оғриши, умумий аҳволнинг ўзгариши билан бирга маҳаллий белгилар – қорин пастида оғриқ бўлиши, оғрикнинг ўзига хос тарқалиши (иррадиация), киндан ажралмалар (оқчил) келиши, баъзан ҳайз фаолиятининг бузилиши каби аломатлар кузатилади.
Х.-қ. к. нинг кўпчилиги ҳайз фаолиятининг бузилиши – гиперменструал синдром (ҳайз қони миқдорининг ортиши) ёки, аксинча, гипменструал синдром (ҳайз қонининг камайиши ёки хайзнинг сийраклашуви), дисфункционал қон кетиши ва бошқалар билан боғлиқ.
Х.-қ. к. дан жинсий тизимнинг хавфли ва хавфсиз ўсмалари кўп, улар, асосан, тухумдон ва бачадонда кузатилади, бошқа жинсий аъзоларда эса кам учрайди. Жинсий аъзоларнинг ўсма касалликларини онкология ўрганади.
Гинекологик амалиётда жинсий тизимнинг раколди касалликларини олдини олиш муҳим, чунки улар вақт ўтиши билан ракка айланиши ҳам мумкин. Ўсмалар ҳам, раколди касалликлар ҳам, одатда, кўзга яққол ташланмайдиган белгиларсиз кечади, шу сабабли аёллар йилига икки марта акушер-гинекологга кўриниб туришлари лозим.
Қиз болалар ва ёш кўчаларда ҳам жинсий тизим касалликлари кузатилади. Бу, ҳайз фаолиятининг бузилиши ва жинсий аъзолар ривожланишидаги аномалиялардир. Бунга асосан унинг болалигида бошидан кечирган турли касалликлари, ноқулай турмуш тарзи, ҳатто у она корнидалигидаёқ онасининг бирор-бир жиддий касаллик билан оғриганлиги сабаб бўлиши мумкин. Ҳайз фаолиятининг бузилиши қизларда ҳайзнинг кеч ёки эрта бошланиши, номунтазамлиги, қон кетиши ва ҳ. к. лар билан кечади. Даволаш чоралари қанча эрта бошланса, шунча самаралироқ бўлади.
Жинсий тизим аъзоларининг ривожланиши ва жойлашуви аномалиялари ҳам катта гуруҳни ташкил этади; булар кизлик парда, кин, бачадон бўйин соҳасидаги битишмалар, бачадоннинг баъзан иккита ва ҳ. к. бўлиши. Бу аномалиялар жарроҳлик йўли билан даволанади. Жинсий аъзолар жойлашуви аномалиялари (бачадон, қин деворларининг турли йўналишда пастга силжиши, ҳатто тушиб қолиши), кўпинча, туғруқ асоратлари, баъзан чаноқ тубининг туғма заифлиги, оғир жисмоний меҳнат оқибатида юзага келади, бу, одатда, ёши каттароқ аёлларда кузатилади. Булар жарроҳлик усулида даволанади.
Ҳомиладорликнинг асоратли кечиши билан боғлик баъзи патологиялар (ҳомиладорликнинг эрта мудцатларида ҳомиланинг тушиб қолиши, бачадондан ташқари ҳомиладорлик, елбўгоз), баъзи туғруқ асоратлари (оқма яралар, қўшни аъзолар шикастлари) ҳам гинекологик касалликларга киради.
Х.-к. к. ичида алоҳида гуруҳни нейро эндокрин синдромлар ташкил этади; бу, асосан, гпоталамо-гипофизар патологиялар билан боғлиқ. Булар гинекологик ҳамда эндокринологик йўл билан даволанилади.
Аёллар жинсий тизими касалликларининг олдини олиш ва даволашни республикамиздаги таркибида аёллар консультацияси бўлган туғруқ мажмуи ва оилавий поликлиникалар амалга оширади. Тошкентдаги акушерлик ва гинекология илмий текшириш институти, шунингдек, унинг вилоятлардаги филиаллари ҳомиладорлик ва туғруқ жараёнларининг асоратсиз кечиши, оналар ва болалар муҳофазасини таъминлашда акушерлик ва гинекологик ёрдамни илмий ташкил этиш мақсадида фаолият кўрсатиб келмоқда.
[addtoany]