Яра касаллиги, меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси – меъда ёки ўн икки бармоқ ичакда яра ҳосил бўлишидан иборат касаллик. Кўпинча, 25-50 яшар эркакларда, баъзан аёлларда ҳам учрайди. Касалликнинг келиб чиқишига кучли ҳаяжонланиш, кайғриш, қийин ҳазм бўладиган, ёғли, аччиқ-шўр, ўта иссиқ ёки совуқ таомлар истеъмол қилиш, тартибсиз овқатланиш, чекиш, спиртли ичимликлар ичиш ва бошқа(лар) сабаб бўлади; ирсий мойиллик ҳам роль ўйнайди.
Оғриқ яра касаллигининг асосий белгиси, у кўпроқ тўш ости соҳасида кузатилиб, овқатдан кейин ярим-бир ёки 1,5-2 соат ўтгач бошланади. Ўн икки бармоқ ичак ярасида наҳорда (оч қоринга) оғриқ тутади, бу ҳолат, кўпинча, озгина овқат ейилгач ўтиб кетади.
Баъзан оғриқ орқага ёки кўкрак қафасига тарқалади. Меъда ярасида кўпроқ кўкрак ости, ичак ярасида аксари киндик атрофи гоҳ лўқилаб, гоҳ ачишиб оғрийди. Кучли оғриқ тутганда бемор оёқларини букиб, чап ёки ўнг ёнбони ёки корнини босиб ётади, баъзан тизза ва тирсакларига таяниб олади. Оғриқ қанча кучли бўлмасин бемор қайт қилганидан сўнг тўхтайди. Оғриқ билан бирга айрим ҳолларда жиғилдон қайнаб, кекирик келади, кўнгил айнийди. Яра ўн икки бармоқ ичакда бўлса, кўпинча, қабзият кузатилади; айрим беморларнинг асаби заифлашиб, кайфияти ўзгаради, қон босими пасайиб, қўл-оёқлари совийди. Яра касаллигида меъда шираси кўп, кам ёки меъёрида ажралади.
Касаллик аксарият сурункали кечади, у вакт-вақти билан (баҳор ва кузда) қизийди, гоҳ зўрайиб, гоҳ босилади. 1-2 ой давом этадиган бу даврда бемор иш қобилиятини йўқотади, баъзан ўз вақтида даволанмаса, касаллик оғирлашиб, турли асоратларга сабаб бўлади. Хавфли асоратлардан бири яранинг тешилишидир, бунда қорнида тўсатдан ханжар суққандек оғриқ пайдо бўлиб, бемор ҳушдан кетиши мумкин. Бундай ҳолларда уни зудлик билан касалхонага ётқизиб операция қилиш керак. Касалликнинг асоратларидан яна бири Ярадан қон кетишидир, бунда бемор тўсатдан ҳолсиланади, баданини муздек тер босади ҳушидан кетади, баъзан қон кусади (кофе қуйкасига ўхшаш), қорамтир бўлиб ичи кетади, камқонлик (анемия) юз беради, бу ҳолат тез тиббий ёрдам кўрсатилишини тақозо этади.
Шифокор келгунича беморни ўринга ётқизиб, ором бериш, ҳеч нима едириб-ичирмаслик керак. Баъзан касаллик яширин кечиб, беморни ҳеч нима безовта қилмайди ва асорат бергадагина (қон кетиши ёки яранинг тешилиши) билиб келинади.
Даволаш комплекс усуллар билан шифокор назоратида олиб борилади. Бунда маълум тартибга риоя қилиш, парҳез сақлаш талаб этилади.
Овқатни илитиб, дам-бадам ва оз-оздан ёйиш, кечаси оч қоринга оғриқ безовта қилса, ётишдан олдин 1 стакан сут ёки янги ивитилган қатиқ ёки кефир ичиб ётиш мақсадга мувофиқ. Касаллик йиллаб чўзилиши мумкин, шунинг учун енгил ҳазм бўладиган ва таркибида оқсил, ёғ, витаминлар (айниқса, С, А ва В гуруҳ витминлари) етарли бўлган парҳез таомлар истеъмол қилиш, касаллик хуруж қилганда парҳега алоҳида эътибор бериш, чекиш ва спиртли ичимликлардан ўзни тийиш лозим. Касалликни дори-дармон билан даволаш ҳам фақат шифокор кўрсатмасига биноан олиб борилади.
Касаллик хуруж қилмаган вақтда ёки касалхонада даволангандан сўнг беморлар маҳаллий санаторий ва курортлар (Ташминвода, Чнобод, Тиббий тикланиш ва физиотерапия илмий текшириш институтида юборилади.
Олдини олишда ёшликданок ўз вақтида овқатланиш тартибига амал қилиш шарт. Баъзи дорилар: ацетилсалицилат кислота (аспирин), бутадион, преднизолон ва бошқа(лар)ни ўз билгича ичиб юриш хам меъда ва ичакнинг яра касаллигига олиб келиши мумкин.
Касаллик бошланиши аниқланган даврда бемор шифокорнинг кўрсатма ва тавсияларига қатъий амал қилиши талаб этилади. Беморлар поликлиникаларда диспансер ҳисобига олинади. Касаллик хуружининг олдини олиш учун куз ва баҳор ойларида, ишдан ажралмаган ҳолда даволаниб туриш (профилакторий ва санатрий-курортларда) ҳам ижобий самара беради.
Касаллик ўз вақтида тўла даволанса, бемор соғайиб кетиши мумкин.
[addtoany]