Иссиқ элитиши

Иссиқ элитиши – ташқи муҳитнинг юқори ҳарорати таъсирида баданнинг қизиб кетишидан келиб чиқадиган касаллик. Ёзда, саратонда ёки иссиқ бинода узоқ ишлаганда иссиқ элитиши мумкин. Тер безларининг суст ишлаши, организмнинг сувсизланиши, сув ичиш маромини бузиш ва бошқа(лар) сабаблар билан тер чиқмаслиги ёки ҳавонинг жуда нам бўлиши, намни ўтказмайдиган кийим кийиш ва ш. қ. натижасида бадандан тер бемалол буғланиб кетмаслигидан бўлади (қ. Терморегуляция).

Иссиққа ҳар ким ҳар хил чидайди, бунинг устига бирор касаллик билан оғриб ўтишдан кейин, ич кетганда, безгак тутганда, спиртли ичимликлар ичганда ва шунга ўхшаш ҳолларда одамнинг иссиққа чидами ўзгариши мумкин. Қалқонсимон без, юрак-томир касалликлари бўлган, семириб кетган кишилар бошқа кишиларга нисбатан тезроқ қизийди. Айниқса, янги туғилган ва гўдак болалар салга қизиб кетади.

Организм қизиб кетганда тана ҳарорати аввалига секинлик билан кўтарилади, кейин тобора тез ошади.

Одам танаси қизиб кетганда дармони қуриб, баъзан боши айланади. Зўр бериб терлаш натижасида организмдан кўп сув ва туз чиқиб кетади. Тўқималарда сув камайиши туфайли тер ва сийдик кам чиқади, қон қуюклашиб, томирларда қон ҳаракати қийинлашади, тўқималар кислородга ёлчимайди, шунинг оқибатида бош мия фаолияти бузилади.

Иссиқ элитиши тўсатдан бошланади: тана ҳарорати 42-43° гача кўтарилади, бош, орқа, оёқлар оғрийди, баъзан кўнгил айниб, одам қусади, ич кетади, юз қизаради ва керкади, нафас олиш ва томир уриши тезлашади. Иссиқ қаттиқ элиганда ҳушсизлик, тиришиш ҳоллари кузатилади, кўз қорачиқлари кенгаяди, улар ёруғдан таъсирланмайди, бадан кўкариб қолади, баъзан талваса тутади.

Тез ёрдам: иссиқ элитган кишини салқин жойга ётқизиб, кийимини ечиш, баданига совуқ сув сепиб, ором бериш, физиологик эритма қуйиш, сунъий нафас олдириш, кислородга ёлчитиш, юрак фаолиятини яхшилайдган дорилар бериш ва дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарур (яна қ. Офтоб уриши).

Олдини олиш: иссиқ биноларни шмоллатиш (вентиляция ёки кондиционер ёрдамида), енгил кийим кийиш, устдан совуқ сув қўйиб, танани савитиш, иссиқ цехда ишлаганда газли шўртанг сув ёки мева шарбати, айниқса, олча суви ичиш керак. Сув ичиш тартибига риоя қилинса ва тер бемалол буғланиб турса, одам 50-60° ҳароратга чидайди (организмга зиён етмайди). Иссиқ Иқлимга ёки иссиқ жойда ишлашга аста-секин мослашув (адаптация) нинг аҳамияти катта.

[addtoany]