Оғриқ қолдирувчи дорилар

Оғриқ қолдирувчи дорилар – оғриқ сезгисини йўкотувчи ёки камайтирувчи дорилар. Буларга кимёвий тузилиши ва таъсир механизми турлича дори моддалари киради. Оғриқ қолдирувчи дорилардан нерв тизимига таъсир этиб, оғриқни камайтирувчи моддалар (анальгетиклар) асосий ўринни эгаллайди. Наркотик анальгетиклар ва наркотикмас анальгетиклар фарқ қилинади. Наркотик анальгетикларга морфий, ва унинг синтетик ўриндошлари (промедол, фентанил ва бошқа(лар)) киради. Наркотик анальгетиклар турли оғриқлар, жумладан, шикастланиш, куйиш, миокард инфарктида рўй берадиган кучли оғрикдарни ҳам қолдиради. Морфий марказий нерв тизимига таъсир кўрсатиб, эшитув, қўрқув, тактил сезгисини ўткирлаштиради, ўзига хос галлюцинациялар келтириб чиқаради. Оғриқ билан кечадиган салбий эмоциялар (ваҳима, ҳаяжонланиш, ғам-ғусса ва бошқа(лар))ни ссайтириб, хавфсизлик, ўзини енгил ҳис қилиш, бамайлихотирлик туйғусини пайдо қилади. Наркотик анальгетиклар такрор-такрор қабул қилинганда одам унга ўрганиб, кўмсайдиган бўлиб, наркоманияга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис наркотик анальгетиклар қатъий ҳисобда туради ва улар чекланган ҳолда берилади. Наркотик анальгетикларни врач рухсатисиз ичиш тақиқланади.

Наркотикмас анальгетикларга кимёвий тузилиши турлича бўлган синтетик моддалар (амидопирин, анальгин, ацетилсалицилат кислота, парацетамол ва бошқа(лар)) киради. Бу хил аналгетикларнинг наркотик анальгетикларга қараганда оғриқ қолдирувчи таъсири кучсизроқ бўлиб, асосан, невралгия тусидаги оғриқларда, миальгия (мушаклар яллиғланишига, тиш ва бош оғриғида, артралгияда ишлатилади. Наркотикмас анальгетиклар оғриқ қолдириши билан бир қаторда иситма тушишига ҳам (қ. Иситма туширувчи дорилар) ёрдам беради. Кўпчилик наркотикмас анальгетикларнинг яллиғланиши қарши таъсири ҳам бор (қ. Яллиғланишга қарши дорилар). Шифокор рухсатисиз бу дориларни ичмаслик керак.

Анальгетиклар гуруҳига мансуб бўлмаган бир қанча дори моддалар ҳам оғриқ қолдириши мумкин. Масалан, силлиқ мушакларни бўшаштирувчи дорилар – атропин, бангидевона препаратлари, папаверин, но-шпалар ва бошқа(лар) қон Томирлар спазмида ишлатиладиган томир кегайтирувчи дорилар шулар жумласидандир.

Шифокорга кўриниб оғриқ сабаби ва хусусиятини билгандан сўнг оғриқ қолдирувчи дорилар ичилса, яхши наф беради.

[addtoany]