Қон айланиши – юрак қисқариши туфайли қоннинг қон ўтказиш тизимида ҳаракатлниши. Қон айланиши организм тўқималари билан ташқи муҳит орасидаги моддалар алмашинуви ва гомеостаз турғунлигини таъминлайди. Қон тўқимага кислород, сув, оқсил, карбонсувлар, ёғ, минерал моддалар, витаминлар ва бошқа(лар) олиб келади ва тўқимадан карбонат ангидрид ҳамда моддалар алмашинувида пайдо бўлган бошқа чиқинди моддаларни олиб кетади. Терморегляция ва гуморал регуляциянч амалга оширади. Иммунитетнинг муҳим омилидир. Қон айланишини 1628 й. инглиз шифокори У. Гарвей кашф қилган.
Кўпчилик умуртқасиз ҳайвонларда очиқ қон айланиши доираси мавжуд (гемолимфа тана мушаклари ёки Томирлар қисқариши туфайли ҳаракатланади). Одам ва айрим юқори даражада ривожланган умуртқасизларда қон айланиши доираси ёпиқ бўлади. Сувда ва қуруқликда яшовчилар, судралиб юрувчилар, сут эмизувчилар ва қушларда қон айланиши доираси 2 та. Одам, шу жумладан, сут эмизувчилар ва қушларда қон айланиши схемаси бир хил. Юрак чап қоринчасидан чиқиб, тўқималар орқали ўнг бўлмачага келган Томирлар тизими катта, ўнг қоринчадан чиқиб, ўпка орқали чап бўлмачага келгани кичик қон айланиш доирасини ташкил этади. Чап бўлмачадан қон чап қоринчага ўтади ва қон айланиши давом этади. Юрак мушакларининг қисқариб-бўшашиши туфайли қон томирларда ҳаракатланади. Юракнинг бир мин. да ҳайдайдиган қон миқдори минутли ҳажм дейилади. Одам тинч турганидаги минутли ҳажм 4-5 л га тенг, эмоционал таъсир ҳолатида эса у 3-4 марта ортади. Юрак қонни артерияга порция билан ҳайдайди. Қон қўйилиши билан артериялар девори кенгаяди. Диастолат. йиғилган энергия артерияларда қон босимини маълум даражада сақлаб, капиллярларда узлуксиз қон оқимини таъминлайди. Организмдаги қоннинг фақат 5 % и капиллярларда бўлади, бироқ қон айланишининг асосий фаолияти – қон билан тўқима орасидаги моддалар алмашинуви шу капиллярларда амалга ошади. Қоннинг капиллярлардаги гидростатик босими сабабли суюқлик, капиллярдан тўқимага фильтрланади (қон плазмасининг онкотик босими бу жараёнга тўсқинлик қилади). Қон капиллярларда қаршиликка учрайди, буни енгишда у энергия йўқотади ва қон босими пасаяди. Бу суюкликни хужайралараро бўшлиқлар капиллярларга ўтишига сабаб бўлади. Суюкликнинг бир қисми ҳужайрааро тирқишдан лимфатик томирларга оқиб ўтади. Суюқлик босими атм. босимига қараганда (5-10 мм симоб устунига) кам бўлгани учун туқималардан суюқлик фаол хайдаб турилади. Туқималардан қон вена қон томирига ўтади. Скелет мушакларининг кисқриб-бўшашиши ва нафас ҳаракатлари қоннинг томирларда узлуксиз оқишига шароит яратади. Қон айланиши рефлектор ва гуморал таъсирлар билан бошқарилади.
Қон айланишининг маҳаллий ва умумий бузилиши фарқланади, унинг маҳаллий бузилишидан гиперемия, ишемия, атеросклероз, тромбоз ва бошқа(лар) бўлиши мумкин. Қон айланишининг умумий бузилиши аъзо ва тўқималарга турли сабабларга кўра етарли қон бормаслиги туфайли юз беради.
[addtoany]