Қон қўйилиши

Қон қўйилиши – қон томирлари ўтказувчанлик хусусиятининг ошиши ёки шикастланиб ёрилиши натижасида организм бўшлиқлари ва тўқималарида қон тўпланиши. Қон қўйилиши қон томирлари шикастланганда, қоннинг ивувчанлиги бузилганда кузатиладиган ички қон кетишининг окибатидир. Қон қўйилганда у тўқималарга сингиши ёки бир жойда тўпланиб ва гематома ҳосил қилиб тўқималарни четга суриб кўйиши мумкин. Қуйилган қон тўқималарда яллиғланиш реакциясини ҳосил қилади, уларни қон билан таъминловчи майда қон томиларини босиб қўяди, натижада оғриқ рўй беради. Тери ва тери ости клетчаткасининг қонга бўкиши моматалоқ пайдо бўлишига олиб келади.

Оз миқдорда қуйилган қон тўла сўрилиб кетади. Қон қўйилишининг организм учун хавфлилиги унинг жойлашган жойига боғлик. Масалан, мия тўқимасига қуйилган қон мушаклар, бўғимлар бўшлигига қуйилган қондан анча кам бўлса ҳам, ниҳоятда хавфлидир. Қон қўйилишини даволаш унинг жойлашиши ва пайдо бўлиш сабабига кўра (қ. Гематома, Инсульт, Лат ёйиш) белгиланади. Қорин бўшлиғидаги кўпайиб борувчи қон тўпланиши Қ. к. эмас, балки бўшлиқдан қон кетиши дейилади, чунки бундай ҳолларда организм учун хавфли қон йўқотиш (ўткир камқонлик) билан боғлик бўлган бузилишлар юзага келади.

[addtoany]