Қутуриш

Қутуриш – нейротроп вирус қўзғатадиган ўткир юқумли зооноз касаллик; томир тортишиши, фалажлик, ҳиқилдоқ ва нафас мушакларининг спазми билан кечади.

Қутуриш қадимдан маълум, уни сувдан чўчиш касаллиги деб ҳам аташган (қ. Гидрофобия). Француз олими Дун Пастер 19-а. нинг 2-ярмида қутуриш касаллигига қарши вакцина кашф этди, шу сабабли қутуришга қарши тадбирларни амалга оширадиган барча муассасалар Пастер станциялари деб юритила бошланди. Уларнинг фаолияти туфайли қутурган ҳайвон тишлаганидан сўнг вақтида эмланган миллионлаб одамлар ҳаёти сақланиб колинди. Қўзғатувчиси қутуришнинг ёввойи вируси, у нерв ҳужайраларини танлаб жароҳатлайди. Вирус совуққа чидамли, музлтилганда узоқ сақланади. Ташқи муҳитда, шунингдек, қайнатилганда, 3-5 % ли лизол, хлрамин эритмаларида тез нобуд бўлади.

Касалликнинг яширин даври ҳайвонларда 14-16 кун. Шундан кейин безовталик, йиртқичлик, хатти-ҳаракатнинг ўзгариши, кўп сўлак ажралиши кузатилади. Ҳайвон ҳеч нарса ичмай, емай қўяди. Сўнгра томир тортишиши, фалажлик бошланиб, ҳайвон ўлиб қолади.

Одамга қутуриш вируси касал ҳайвон, асосан, ит, мушук ва бошқа(лар) тишлаганида, ёки сўлаги тери юзасига тушганида юқади. Одамда қутуриш касаллигининг яширин даври 15 кундан бир неча ойгача (ўртача 20-30 кун). Қутурган ит бўйин, юзни тишлаганда бу давр кисқарок, оёқни тилаганда узоқроқ бўлади.

Касаллик келишида 3 давр кузатилади: даракчи давр – одатда, касаллик аста-секин бошланади, лоҳаслик, бош оғриши, бироз иситма кўтарилиши кузатилади. Беморнинг кайфияти ўзгаради, ҳеч нарса ёқмай, ёлғизликни истайди; овқат емайди. Тишланган жойдаги яра бтиб кетган бўлса ҳам ўша соҳада оғриқ пайдо бўлиши муҳим белги ҳисобланади; кўзғолиш (бесаранжомлик) даври – нафас олиш азобга айланади. Бемор жонсарак, беҳаловат бўлиб қолади. Мушаклари, хусусан, ютқин ва ҳиқилдоқ мушаклари тиришади; салгина шамол ёки бироз таъсирот туфайли хуруж такрорланавради. Нафас олиш қийинлашади, гидрофобия, аэрофобия аломатлари пайдо бўлади. Сўлаги кўп оқади. Иситма кўтарилади (39—40° гача). Тиришиш вақтида нафас тўхтаб, киши ўлиб қолиши ҳам мумкин; фалажланиш даври – бунда мушаклар фалажланиб, бемор тинчиб қолади, лекин ҳуши сақланади. Фалажланиш пастдан юқорига кўтарилиб боради ва юрак тўхташи, нафас маркази фалажланиши оқибатида ўлим содир бўлади.

Қутуришнинг олдини олиш учун хонадонда бокладиган итлар рўйхатга олиниши ва профилактик тарзда қутуришга қарши эмланиши лозим. Одамни тишлаган ит маълум бўлса, у ветеринар назоратида 10 кун ушлаб турилади. Агар у қутурган бўлса, шу муддат ичида ўлади. Ит тишлаган одамга тиббий ёрдам поликлиникалар қошидаги травматология пунктида кўрсатилади. Ит тишлаганда дарҳол шу пунктларга мурожаат қилиш, унгача тишланган соҳани дарҳол совунлаб ювиш ва атрофига йоднинг спиртли эритмасини суртиш керак. Ҳосил бўлган яра тикилмайди. Иложи борича эртарок қутуришга қарши културал вакцина юборишни бошлаш керак, шунда эмлаш бошланганидан 2 ҳафта ўтгач, иммунитет пайдо бўлиши мумкин.

[addtoany]