Скарлатина [лот. scarlatum – оч қизил ранг] – аксарият болаларда учрайдиган инфекцион касаллик. Иситма, умумий интоксикация, муртак безлари ва томоқнинг яллиғланиши, терига майда тошмалар тошиши ва ҳ. к. билан кечади. Қўзғатувчиси А гуруҳига мансуб гемолитик стрептококклар. Касаллик манбаи – бемор, шунингдек, бошқа стрептококкли инфекция (ангина, фарингит)лар билан оғриган кишилар. Инфекция ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Баъзи бемор фойдаланган ўйинчоқ, идиш-твоқлар ва бошқа(лар) ҳам скарлатина тарқалишига сабаб бўлади. Кўпроқ 2-6 яшар болаларда куз-қиш ойларида учрайди. Яширин даври ўртача 2-7 кун. Одатда, тўсатдан бошланади. Тана ҳарорати тез 39-40° гала кўтарилиб, бемор ҳолсизланади, боши ва томоғи оғрийди, кўпинча, қусади. Касалликнинг дастлабки кунларида терида қизил, майда нуқтасимон тошмалар пайдо бўлади. Томонда скарлатинага хос ангина аломатлари кўзга ташланади, қизарган юмшоқ танглай қаттиқ танглайнинг оқиш шиллиқ қаватида яққол ажралиб туради. Тил қалин караш билан қопланади. Жағ ости безлари катталашади ва пайпаслаганда оғриқ сезилади. Касалликнинг авж олган даври 4-5 кун давом этади. Бу даврда ангина, лимфа безларининг катталашиши, тошмалар ортиб боради. Тана ҳарорати 39° ва ундан ҳам юқори бўлади. Беморнинг эс-ҳуши хиралашиши, алаҳлаш ҳоллари кузатилиши мумкин. 4-5 кундан сўнг ҳарорат пасайиб, бемор ўзини яхшироқ ҳис қилади. Тил учи томонидан карашдан тозаланиб боради. Ундан мусаффо бўлгач, тил Мадинага ўхшаб қип-қизил бўлиб қолади. Касалликнинг 6-кунларидан соғайиш даври бошланади. 10-кунларига келиб касалликнинг барча аломатлари йўқолади. Касалликнинг иккинчи ҳафтасидан бошлаб терида пўст ташлаш кузатилади, бадандан майда кепаксимон, қўл ва оёқ кафти, панжалардан пўст палахса бўлиб кўчади. Скарлатинанинг енгил, ўртача оғир ва оғир турлари ажратилади. Касалликнинг дастлабки кунларидан бошлаб қонда яққол ифодаланган лейкоцитоз, эозинофилия, ўзгаришлар рўй беради. Эритроцитларнинг чўкиш тезлиги (ЭЧТ) ҳам ортиб, соатига 30-50 мм ни ташкил қилиш мумкин. Скарлатинанинг барча турларида ҳам турли асоратлар: нефрит, лимфаденит, синсит, юрак-томир тизимининг жароҳатланиши ва бошқа(лар) кузатилади. Скарлатина билан оғриган бола, албатта, ўрин-кўрпа қилиб ётиши шарт, уни касалхонага ётқизиш-ётқизмасликни шифокор ҳал қилади. Касаллик енгилроқ кечганида беморни уйда даволаш мумкин.
Давоси. Беморнинг оғзи ва томоғи 2 % ли сода эритмаси ёки 1 : 5000 нисбатдаги фурциллин эритмаси билан чайиб турилади. Эритромицин, пенициллин, бициллин-5 ва бошқа(лар) антибиотиклар 7 кун давомида берилади. Аллергияга қарши препаратлар қўлланади.
[addtoany]