Рак [юн. лот. cancer – қисқичбақа], канцер, саратон касаллиги – эпителий туқимасидан ривожланадиган хавфли ўсма. Эпителий ҳужайраси бор барча аъзолар – тери, шиллиқ қаватлар, қизилўнгач, ўпка, меъда-ичак йўллари, сийдик-таносил аъзолари, шунингдек, мия ва ҳ. к. да пайдо бўлади. Рак ҳужайралари жуда тез бўлинади ва ривожланади ҳамда атрофдаги соғлом ҳужайраларни емириб боради.
Бошқа хавфли ўсмалар каби, рак ҳам, одатда, ўзи ўрнашган жойдаги тўкимани емириши, рецидив, метастаз бериши ва организмнинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатиши, кахексия (қок суяк бўлиб озиб кетиш) билан хавфсиз ўсмалардан фарқ қилади. Рак алоҳида вируслар фаолияти, шунингдек, турли физик, кимёвий ва биологик омиллар, канцероген моддаларнинг одам организмига таъсири ҳамда организмнинг ўзида содир бўладиган эндоген (ички) канцероген моддалар, радиоактив нурлар таъсирида вужудга келиши мумкин.
Рак тўсатдан пайдо бўлмайди, кўпинча, рак нишонаси деб аталиб, сурункали кечадиган патологик ўзгаришлардан сўнг ривожланади, шунингдек, тери, меъда, бачадон бўйнидаги узоқ вақт битмайдиган яралар, полиплар, сут безлари фиброаденоматози ва ҳ. к. оқибатида ҳам пайдо бўлади. Аммо шу касалликлардан кейин, албатта, рак ривожланади деб бўлмайди, чунки саратонга сабаб бўладиган касалликлар ўз вақтида узил-кесил даволанса, унинг олдини олиш мумкин. Ракнинг характерли хусусиятлридан бири шуки, тўкимада ўсма ҳосил бўлиб ривожлангандан кейингина касаллик белгилари юзага чиқади ва ўсма ўсаётган аъзо фаолияти кескин бузилади.
Эркакларда кўпроқ меъда, бронхлар, тери, пастки лаб, оғиз бўшлиғи, ҳалқум, ўпка (хусусан, кашандаларда), таносил аъзолари саратони учрайди; аёлларда эса бачадон, овқат ҳазм қилиш аъзолари, сут безлари ва тери раки кузатилади.
Рак бошланаётганда, у тананинг қайси қисмида ривожланишидан қатьи назар, қаттиқ оғриқ бермайди. Шу сабабли, бемор шифокорга, кўпинча, кеч мурожаат қилади, натижада касаллик анча зўрайиб кетади. Ракни даволаш имкони борича эрта бошланса, яхши натижаларга эришиш мумкин.
Пастки лаб раки, кўпинча, пастки лаб қизил ҳошияси устида узоқ вақт битмайдиган яра ва қон сизиб турадиган ёриқчалар, оқ доғлар (лейкоплакия) бўлиши натижасида вужудга келади. Ўсманинг олдини олиш учун пастки лаб ва оғиз бўшлиғи касалликларида, албатта, чекишни ташлаш лозим.
Қизилўнгач саратони («қилтомоқ» касаллиги) аксарият рак олди касалликлари оқибатида келиб чиқади. Қизилўнгач саратонида бемор дастлаб қуюқ, кейинчалик суюқ овқатларни ҳам юта олмай қолади. Кўпинча, тўш орқасида, баъзан кўкрак пастида ва қорин соҳасида оғриқ сезади. Овқат ютганда салгина қийинчилик сезилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.
Меъда раки кўп учрайдиган ва аксарият сурункали меъда яраси, полипи, шунингдек, сурункали гастритнинг баъзи шакллари оқибатида келиб чиқади. Меъда раки билан аёлларга нисбатан эркаклар кўпроқ оғрийди; одатда, 40-60 ёшли кишилар ўртасида кўп учрайди.
Касаллик бошда сезилмайди, беморнинг дамони курийди, меҳнат қобилияти сусаяди, озиб кета бошлайди, ранги синиқади; кейинчалик иштаҳа йўқолиши, кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши, ҳиқичоқ тутиши, кекириш, баъзан қусиш аломатлари, шунингдек, меъдада қаттиқ оғриқ пайдо бўлади. Бундай аломатлар рўй берганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Тўғри ичак раки кўпроқ ичакдаги полидан пайдо бўлади. Бунда сохта ҳожат кисташи, шиллиқ ёки қон аралаш ич келиши кузатилади, касаллик авж олгандан сўнг ичакдан қон оқади. Қон кетиши, кўпинча, бавосирда ҳам рўй беради, шунинг учун қон кетиши сабабини фақат врач аниқлаши мумкин.
Ўпка раки ўпканинг сурункали касалликлари (ўпка сили, зотилжам, бронх полиплари, пневмокониоз) билан тез-тез оғриб туриш ва ҳ. к. оқибатида вужудга келиши мумкин. Ўпка саратони кўпроқ кашандаларда учрайди; кўкракда оғриқ (айниқса, йўталганда зўраяди), баъзан қон тулаш кузатилади. Касалликка хос аломатлар пайдо бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Сут безлари раки кўпроқ сут безларида ҳосил бўладиган қаттиқ, оғриқсиз тугунчалар, рак олди ўсмаси (хавфсиз ўсма), фиброаденоматоларни ўз вақтида даволамаслик натижасида ривожланади. Сут безларида арзимаган тугунча борлиги сезилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.
Аёлларда кўп учрайдиган бачадон раки бачадондан сурункали касалликлар – эрозия, полип ва оқ доғлардан пайдо бўлади. Туғруқ ва абортда бачадоннинг жароҳатланиши, уни ўз вақтида даволатмаслик ҳам бачадон рак ига сабаб бўлади. Касаллик ҳеч қандай белгисиз кечади, кейинчалик авж олганидан сўнг беморда оқчил кўпайиб, ҳайз цикли бузилади, қон кетади ва, ниҳоят, оғриқ пайдо бўлади. Шу боис ҳар бир аёл жинсий ҳаёт кечира бошлаган кундан бошлаб камида бир йилда 2 марта (климактерия даврида 4 марта) гинеколог кўригидан ўтиб туриши шарт.
Тери раки, одатда, кемаларда (50-70 ёшли эркак ва аёлларда) кузатилиб, кўпинча, юзда (бурун канотлари, қовоқ, бурун-лаб бурмалари, оғиз бурчакларида), баъзан терининг куйган, жароҳатланган жойида, шунингдек, айрим туғма ва турли жароҳатлар ўрнида пайдо бўлади.
Рак ва бошқа хавфли ўсмалар, асосан, операция қилинади, радиоактив моддалар ва рентген нурлари, саратонга қарши махсус кимёвий препаратлар, гормонлар, биопрепаратлар қўлланади.
Касалликнинг олдини олиш учун организмга зарарли таъсир этадиган канцероген моддаларни йўқотиш, шунингдек, саратон олди касалликларини ўз вақтида аниқлаш ва даволаш, аҳолини оммавий профилактик кўрикдан ўтказиб туриш, баъзан диспансеризация қилиш лозим (яна қ. Ўсмалар).
[addtoany]